Нонушта тўғри овқатланиш борасидаги биринчи қадамдир, яъни у кундалик соғлом ҳаётни бошлаб берувчи омил саналади. Нонуштанинг қандай бўлиши тушлик ва шомлик таомларнинг таркиби ва ҳазмига таъсир кўрсатади. Эрталабки нонуштадан олдин наҳорлик ҳам бор. Наҳорлик нонуштага кириш учун, уни бошлаш учун ўта муҳим. Лекин энг қизиғи, наҳорликдан аввал уни бошлаб берувчи саҳарлик ҳам бор.
Нонушта қуйдаги босқичларда амалга оширилар экан:
1. Саҳарлик.
2. Наҳорлик.
3. Нонушта.
* Саҳарликда (соат 5 лар атрофида) уч пиёла толий сувга бир ош қошиқ асал аралаштириб, ичиб олиш лозим. Шу ўринда: «Толий сув нима?» деган савол туғилади.
— Қайнатилган сувни совитиб, музлаткич музхонасига қўйинг ва у музлагач, у ердан олинг. Маълум вақтдан сўнг у эриб, хона ҳароратига келиб қолади. Бундай сув толий сув дейилади.
* Асални нон ва овқат билан ейиш зарардир. Асални саҳарда истеъмол қилганингизда у нонуштагача баданга сингиб, даволашга ўтади. Саҳарда истеъмол қилинган асал, асосан, ўпка ва ошқозон-ичак йўлларида тез ва яхши сўрилади.
* Энди саҳарликка келсак, унда сиз уч ош қошиқ зайтун мойи (40 г) ичишингиз мумкин. Зайтун ёғи ҳамма аъзоларга ҳам овқат, ҳам даводир.
* Зайтун ёғидан сўнг 100 г творог истеъмол қилинг. Агар истасангиз, творогга бир ош қошиқ шакар қўшиб, истеъмол қилганингиз маъқулдир. Чунки творог жигар учун севимли озуқа ҳисобланади.
Ана энди барча аъзолар аста-секин уйғона бошлади. Орадан бирор соат вақт ўтиб, нонушта қилишингиз мумкин.
* Нонуштага бир сиқим кишмиш, бир сиқим бодом, 3-5 дона ёнғоқ, 1-2 бурда суви қочган нон ва 4-5 пиёла кўк чой ё наъматак, ёки дўланали дамлама ичган маъқул.
* Нон масаласига тўхталсак, инсон организими учун энг маъқул нон бу кепакли нондир. Бозорларда бу нон деҳқонлар томонидан олиб келиб сотилади. Дўконларда эса қора ёки оқ ундан қилингани сотилади.
* Нонуштага буюрилган маҳсулотларга келсак, майиз юрак учун эрталабки озуқа манбаидир. У танангизга дармон бўлишдан ташқари, балғамнинг тезда пишиб, кўтарилишига ёрдам беради, танадаги сафрони ҳайдайди ва асабни мустаҳкам қилиб, стресс ҳолатидан чиқишга ёрдам беради. Майиздан еб юрган кунларингиз, эътибор қилсангиз, у сизнинг ғазабингизни ҳам сўндира олишига гувоҳ бўласиз.
* Ёнғоқ эса мияни озуқлантирувчи манбадир. У барча аъзоларга қувват бўлиш билан бирга, мияга куч беради ва хотирани мустаҳкамлайди. Ички сезгиларни қувватлантириб, ич-ичингиздан ёшартиради. Бунинг учун қора кишмиш майизи, оқ анжир қоқиси, ёнғоқ мағзи ва уларга тенг миқдорда асални битта идишга солиб, аралаштиринг ҳамда ундан ҳар тонг нонуштада 2-3 ош қошиқдан енг. Ҳам тетик, ҳам бақувват бўласиз ва яна анчагина ёшарасиз.
* Энди бодомга келсак, у мускуллар учун озуқадир. Ширин бодом жигарга ва нафас йўлларидаги шамоллашга даво эканлигини биласиз. Шунинг билан бирга, у қонни кўпайтиради, қувватни оширади ва юрак-қон томир фаолиятини яхшилайди. Бу эса кексаликка қарши энг яхши ёрдамдир.
Агар юқоридаги ёнғоқли аралашмага қиш фаслида тут ва ўрик қоқиси ҳамда ширин бодом мағзини қўшсангиз, у янада кучли қувватдорига айланади.
* Ёз фаслининг сўнгига келиб нонуштага қора ва ҳусайни узум ҳамда нон истеъмол қилиш мумкин. Чунки бу вақтда уларнинг фойдаси жуда яхши бўлади.
АНА ЭНДИ ТУШЛИККА МАРҲАМАТ!
Агар эрталабки нонушта яхши бўлса, тушликка унча талаб бўлмайди. Тушликда кўпроқ мева, сабзавотлар, полиз маҳсулотларидан истеъмол қилган маъқул. Тушлик бир неча кўринишда бўлиши мумкин:
а) хоҳлаган ҳўл ёки қуруқ мевалар билан нон, чой ва иссиқ овқатлар истеъмол қилиш;
б) аччиқ-чучук ва нон билан иссиқ овқатлар истеъмол қилиш;
в) сутни 40 даражагача иситиб, унга нон тўғраб ейиш;
г) тарвуз билан нон еб, чой ичиш ва ҳоказо.
Тарвуз ёз ойидаги энг шифобахш ва тозаловчи дармондоридир.
Агар билсангиз, тарвуз бу ойда нафақат ташналикни қондиради, балки жонга роҳат бағишлайди, тана ҳароратини тушириб, иштаҳани очади. Энг муҳими, у организмни турли заҳарли моддалардан халос этиб, пешоб орқали ортиқча хилтларни танадан чиқариб ташлайди. У туфайли танадаги ортиқча вазн, ортиқча ёғ ва чиқиндилар чиқиб кетиб, қуюқ қонлар анчагина суюқлашади ва организм янгиланади. Бу эса инсоннинг ёшаришига сабаб бўлади. Айниқса, танаси қуруқ кишиларга тарвуз жуда фойдали.
Тушликдаги нон Қандай
бЎлиши керак?
Эслатиб ўтамиз, истеъмол қилинадиган нон, албатта, суви қочган ва кепакли бўлиши шарт. Жуда бўлмаганда, суви қочган қора нон бўлгани маъқул.
Чойларга келсак, ҳамма турдаги гиёҳ чойлар ва қайнаган сув ҳам бўлаверади.
Қовун истеъмоли масаласига келсак, уни тушликдан шомгача ҳеч нарсасиз, ўзинигина истеъмол қилишингиз лозим. Бу борада халқимизда ажойиб мақол бор: «Қовун есанг, саҳар е, саҳар емасанг, заҳар е». Демак, қовунни оч қоринга бирор нарса қўшмасдан, ўзини истеъмол қилиш дуруст экан.
Халқ табобатида айтилишича, қовундан бош мияга қувват бораркан. Организмга ҳам у қувват манбаи сифатида сингиб кетаркан ва бу билан танага семизлик ато қиларкан. Шунинг учун уни кўп ейиш буюрилмайди. Бироқ юрак-қон томири тиқилмаларини очишда унга тенг келадигани йўқ экан.
Айниқса, қовун уруғи пешобни ҳайдаш орқали буйраклар ва қовуқни тозалашда энг таъсирли воситалиги билан аҳамиятлидир. Қовун ични юмшатади, йўтални кеткизади, руҳиятни кўтариб, чарчоқни олади.
ЭНДИ НАВБАТ ШОМЛИККА
Шомлик бир кунлик овқатланишнинг охирги ва энг муҳим нуқтаси ҳисобланади. Шомликда бирор-бир суюқ ёки қуюқ иссиқ овқат ташкил қилинади. Бироқ тўйлар бор, турли базм ва байрамлар бор. Унда шомлик бошқача тус олади. Булардан истисно тарзида биз оддий кундалик ҳаётдаги шомлик устида тўхталамиз.
Аввало, шомликни тўртга бўлиб олиш лозим, яъни болалар шомлиги, ўспиринлар, ўрта яшарлар ва қариялар шомлиги. Шомликда иссиқ таом билан бирга, асосан, бир қатор ош кўклар, аччиқ-чучук, турп, бодринг, қалампир, олма ёки узум сиркаси, зира, зирк, занжабил, куркума каби маҳсулотлар бўлиши шарт. Булар ичида ош кўклари деганимизда сельдер, петрушка, кўк пиёз, кашнич, укроп, кўк саримсоқ пиёз ва бошқа кўкатлар назарда тутилади. Шомликни 35-40 фоизини кўкатлар ташкил этса, шомлик тез ва осон ҳазм бўлади. Шомга турли қуюқ овқатлардан ташқари, ранг-баранг суюқ овқатлар, жумладан, балиқ маҳсулотларидан ҳам истеъмол қилиш мумкин. Пишиқчилик пайтларда ҳафтада 2-3 марта сабзи, бодринг, қовоқ, узум шарбатларидан ичиб юриш тавсия этилади.
ОВҚАТЛАНИШНИНГ БУНДАЙ ТАРТИБДА ОЛИБ БОРИЛИШИ КОНИ ФОЙДА
Биринчидан, ортиқча вазнни йўқотасиз, йиғилиб қолган ёғлардан халос бўласиз, яъни белнинг йўғонлиги, семиз қўллар ва бадандаги бўртиқ жойлар ғойиб бўлади. Ҳафтасига 1,5-2,5 кгдан ортиқча оғирлик ташланади.
Иккинчидан, овқат ҳазм қилиш яхшилангач, баданингиздаги ҳужайралар ҳам сувни кам талаб этади, қорин шишмайди, қоматингиз хушбичим, хипча бўлиб қолади. Қорин тўйғизишга, овқатга талаб камаяди, бу демак, бир кеча-кундузлик истеъмол қилинадиган калория миқдори камаяди, шу билан бир қаторда, сизнинг оғирлигингиз хам.
Учинчидан, қувватнинг ўсишига эришасиз, яъни бу тоифадаги овқатларни тановул қиларкансиз, организм овқатни ҳазм қилишда қийналмайди, оқибатда сиз ўзингизга янги қувват қуйилаётганини ҳис қила бошлайсиз.
Тўртинчидан, юқоридаги овқатланиш тартиби туфайли ошқозон-ичак тизимидаги фаолият енгиллашади ва бундан сиз ўзингизни тетик ҳис қила бошлайсиз, уйқунгизда ҳам ором бўлади. Яхши уйқу ва тиниқиб дам олиш туфайли эса бардам бўлиб қоласиз. Энг муҳими, ошқозонингизда бир-бири билан мос келмайдиган овқатлар энди «низолашмайди». Буларнинг ҳаммаси соғломликни ва бахтиёрликни ҳис этиш имконини беради, аниқроғи, ёшартиради.