ЭНАСИНИ ЭММАГАН ЭЧКИ…

 

Оғилхонадаги тортишув

Ма… ма… ммма-а-а!!! Уф-ф, томоқнинг мазаси қочибди-ку! Овоз хириллаб қоляпти. Э, йў-ўқ, билиб-билмай гапиравераркансиз-да! Сиз айтган ичимликнинг яқинигаям йўламайман!.. Кеча хўжайин анҳор бўйига айлантиргани опчиқувди, муздай сувдан кўпроқ ичиб қўйибман! Шунга… Ҳўв ока! Хачир ака деб қўйдим! Сал сурилиб туринг, бизам духимизни кўтарволайлик!! Ие, нега сизники бўларкан? Буни хўжайин атайин бизга атаб опкирган! Ока, илтимос, орқа ўгирманг бизга! Биламиз, орқа туёқларингиз хавфли, тепкир! Аммо бизам анойи эмасмиз! Ҳа-а, шохимиз бор, нима қипти? Лишняк имет қиласизми, брат? Шох-чи, мужикда бўлади-да, братан! Сиздаям бўлсин-чи! Ҳаётда бўлмайди! Нимага? Чунки эшакка ҳеч қачон шох битмаган. Шунинг учун қачон қараса, дуч келганга орқа ўгирасизлар! Ҳи-ҳи-ҳи-и-и!!! Эшакка шох битса… Ҳи-ҳи-и-и-и!!! Роса прикол бўларди-да!.. Ие, ие, ие, бу нима қилганингиз? Ҳозир бор-у, бир шохлайман, энангизни учқўрғондан кўрасиз!.. Бўпти-и, ҳазиллашдим, ҳурматингиз бор. Юк ташийвериб чарчагансиз! Бизам кўр эмасмиз. Елкангизнинг яғирини кўриб турибмиз. Фақат нервга тегманг-да ҳадеб! Бизнинг ҳурмат бўлмаса, хўжайиннинг ҳурмати бордир, ахир? Ҳа-а, шунақами? Шунақа зўрмисиз? Ҳозир… Ташқарига чиқволай, ўшанда гаплашамиз!.. Мана, энди сўкиб кўр-чи!.. Ҳўв, хачи-ир! Ҳе сендақа яғир елкадан ўргилдим! Ҳа-а, арқонни узолмаяпсанми? Шунақа-а, духинг етмайди! Биздай шохдор эчкига етиб бўпсан! Менинг олдимда пешкасан, пешка! Ўла, битта арқонни узолмайсан-у, мақтанишинг оғилхонани бузай дейди-я!

Мен ҳаёт кўрган эчкиман

Қўйхон холамнинг айтишича, энам мени туққан экан-у, сихга тортилган экан. Энажонимни эмолмай, меҳрига тўёлмай, етим қўзилар қаторида ўсдим. Лекин сал катта бўлганимдан кейин елкамга бахт қуши қўнди. Ҳозирги хўжайинимга бозорда энди ниш ура бошлаган шохим ёқиб қолибди. Энди бор-у… Хўжайинмисан хўжайин-да! Кайфият кўтаришнинг қанча тури бўлса, ҳаммасини қотиради. Мениям ўргатиб қўйган. У киши уйга келди дегунча қандай ёнига чопиб борганимни билмай қоламан. Дарров тумшуғимни силаб топганини оғзимга солиб қўяди. Кайфияти жа меъёрдан ошиб кетса, қўни-қўшниларга роса мақтанади. Ишонсангиз, мени ростакамига муштлашишга ўргатганам худди шу хўжайин бўлади. Худога шукр, ҳозир итми, қўйми, боя кўрганингиздай, эшакларигаям тилимни бермайман. Асабни бузишса, товуқларгача шохлаб ташлайвераман. Нега деганда, мен ҳаёт кўрган эчкиман! Қани, вей хўроз братишка, қоч йўлдан! Ҳозир бир шохлайман, Аъзам аканинг ариғига бориб тушасан! Нима дейсан? Оғилхонага қамаб қўйишади? Ўв, мени оғилхона билан қўрқитасанми? Мени-я? Кулгимни қистатмагин-а, братишка!? Ҳозир маъравораман!..

Ёлғизлик

Ҳа, мен зўрман, шустрийман, замонавий эчкиларданман! Ризқимни унча-мунчасига бериб қўймайман! Еганим оғзимда, емаганим охуримда! Бироқ гоҳида ёлғиз қолиб пинакка кета бошласам, ўлган энам эсимга тушади. Узоқдаги қариндош-уруғларни ёдга оламан. Сўнг бошимни кўтариб атрофга қарайман. Ҳатто паррандаларниям кимидир бор. Ку-кулашиб дардлашади, бир-бирининг кўнглини кўтаради. Мен-чи? Ҳайҳотдай оғилда ёлғиз қолиб кетавердим. Тўғри, қўй холам баъзан олдимга келиб мени ялаб-юлқамоқчи бўлди. Ўзим рухсат бермадим. «Бу нимаси, хола? — дедим жаҳлим чиқиб. — Номаҳрам эркакни ялаб-юлқашга уялмайсизми? Менам эркакман! Уятсизлигам эви билан-да!..»

Аслида эркалигим тутиб шундай қилгандим. Қўй холамга бир эркалангим, ҳазиллашгим келиб эди. Қовун тушириб қўйдим. Қўй холам бир ҳафта мен билан тиллашмай юрди. Ўзимдан ўтганини ўзим билдим. Эгамнинг алқашлариям юракка сиғмади. Аламимни жўжахўрозлардан олдим. Ҳаммасини тирқиратиб шохладим.

Мақтанма товуқ…

Бу дунёда ҳамма нарсаниям кушандаси бўларкан. Масалан, мендак мағрур, мақтанчоқ ва дангал эчкиям зўрни кўрганда ювош тортиб қоламан. Эт юпқалиги, туёқдан ўт сачрата олмаслигим, қўл калталиги, аслида оддий ва ожиз бир эчкилигим дарров эсимга тушади. Эҳ, шу найнов ҳўкизни ким яратган ўзи? Фаросати йўқлиги етмай, мени кўрди дегунча пишқириб чопади. Шохи алламбалоларга ўхшаган бурамами-ей! Худо кўрсатмасин, қорнимга бир шохласа борми, тамомман-да! Ҳа-а, зўрдан зўр чиқади деганлари шу экан-да! Яйлов тарафга адашиб ўтиб қолсам ҳам юрак ҳовучлайдиган бўлганман. Малла ҳўкизга кўзим тушдими, ура солиб қочишим, ё хушомад қилишим шарт. Йўқса менга кун йўқ. Малла ҳўкиз жуда тез югуради. Қўлиям, оёғиям меникидан узун. Қовоқ уйганниям хушламайди. Ана, ўтган куни Қўчқорбой оға гап қайтариб қўйганди, адабини еди. Ўшандан бери охурга бош қўйганча ётганмиш. Емиш ҳам емаётганмиш. Биров ҳол сўраса, калласини зўрға қимирлатиб қўяётганмиш. Ишқилиб, ич-этини эзиб қўймаган бўлсин-да ҳўкиз!..

И-и-и-и, кеп қолди-ку малла! Эшакни эсласанг қулоғи кўринаркан-да!.. Энди нима қилдим? Қочсаммикан? Қаёққа?

— Солэйкў-ўм, Маллабой оға! С-саломатмисиз?

— Сенмисан, жинқарча? Оёқ остида қанд еб юрибсанми?

— Ҳа энди… Сизни бир кўриб кетай дегандим, Маллабой оға!.. Сигиройим ҳам яхши юрибдиларми? Айтганча… Оға, ҳўкизлабсизлар деб эшитдим! Муборак бўлсин! Умриям, ўзиям сизга ўхшасин!..

— Менга қара, куни кеча ўртанча ҳўкизчамни қувганмишсан? Шу ростми? Ҳали сен менинг ҳўкизчамга ҳамла қиладиган бўлдингми? Вей, бир шохлаб асфаласофинга жўнатворайми ҳозир?

— Й-йў-ўқ, Ҳўкизбой оға, ҳўкизчангиз билан қувлашмачоқ ўйнасамми девдим, сал нотўғри тушунибди-да! Кечиринг, оға!

— Шундай бўлсин! Жигингни эзиб ташлайман!..

Вой-бў, осмондан келишини қаранглар! Ҳе, ҳўкиз!.. Бақувватман, йирикман, оёғим узун деб бизга ўхшаган кичкина эчкиларга ўдағайлайсанми? Мард бўлсанг, ана, ўзинг тенгилар билан муштлаш!..

Йў-ўқ, ҳали шошмай турсин! Мени шохдор эчки деб қўйибди! Уйга борай, хўжайинга ялиниб, ҳўкизниям йиқитса бўладиган «приём»ларни ўрганволаман. Ана ундан кейин дўқлаб кўргин-чи! Сен билан ўшанда бозорлашамиз! Духингни синдирмасамми!..

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit