Айрим қандолатчилар фикрича, пишириққа тухум танлаётганда ўта эҳтиёткор бўлиш лозим. Уй тухуми қанчалик мазали ва фойдали бўлмасин, ундан кўп пишириқ тайёрлаб бўлмайди. Масалан, торт учун бисквит пиширсангиз, ранги сарғимтир, кўриниши ҳам пастроқ бўлади. Шунинг учун пишириқлар учун оқ тухумни танлаган маъқул. Жигарранг тухум ҳам ёмон эмас-у, оқининг оқ-сариғи бир-биридан яхши ажралади. Торт бизеси яхши тайёрлангани учун қандолатчилар оқ тухумдан фойдаланишни маъқул кўришади.
Нега тухум икки хил? Аслида гап тухумда эмас, товуқда. Патлари оқиш бўлган товуқ – оқ, жигарранг-олачипори эса жигарранг тухум қўяди. Икки хил рангдаги тухумнинг озуқавий қиймати бир хил. Фақатгина улар тухум пўстининг ранги, катта-кичиклиги билан фарқланиши мумкин. Одатда, ёш товуқлар пўсти қалин, нисбатан кичикроқ тухум қўйишади. Яна товуқнинг емиши тухум сариғи ранги ва таъмига таъсир этади.
“Тухум қанча катта бўлса, шунча фойдали”, – деган гап тўғри эмас. Катта тухумларда (55-65 г ёки 65-77 г) сув кўпроқ, озуқавий моддалар концентрацияси камроқ бўлади. Одатда, бундай тухумларни қари товуқлар қўяди. 45-55 г ва 35-45 г тухумларни эса ёш товуқлар қўяди. Улар катта тухумларга нисбатан фойдали, мазали ва тўйимлироқ.
Нега жигарранг тухум қиммат? “Негаки у фойдали-да” деган хаёлга боряпсизми? Янглишдингиз, одатда, оқ товуққа нисбатан жигарранглари гўштдор ва бўйчан бўлади. Турган гапки, уларнинг тухумлари ҳам оқ товуқникига қараганда каттароқ бўлади. Тухум нархини белгилашда эса, албатта, унинг катта-кичиклиги инобатга олинади.
Тухумни қандай истеъмол қилган маъқул? Ҳар ким ўз таъбига кўра тухумни сувда қайнатиб ёки ёғда қовуриб истеъмол қилади. Иккиси ҳам мазали. Унутманг, тухум қанча кўп пишаверса, таркибидаги шунча кўп фойдали микроэлемент ҳам ўлиб бораверади. Нонуштада ҳам сариғи юмшоқ пиширилган тухумни истеъмол қилган маъқул. Болалар ва қарияларнинг ошқозони қаттиқ пиширилган тухум сариғини ҳазм қилишга қийналишини ёдда тутинг.
Ғоз ва ўрдак тухумлари. Ўзбекистон шароитида ғоз ва ўрдаклар товуқларга нисбатан кам боқилади. Уларни кўпайтириш, парваришлаш осон эмас. Бундан ташқари, ўрдак, ғозлар орасида сальмонеллёз касаллиги кўп учрайди. Бозорда ҳам тухум ва гўштларга унчалик талаб кўп эмас. Қоринни тўқ тутиш ва организмни етарли витаминлар билан тўйинтиришда товуқ ҳамда бедана тухумига тенг келадигани йўқ. Айниқса, бедана тухуми кучли иммунитет ҳосил қилади. Унинг таркибида микроэлементлар ва В гуруҳ витаминлари бисёр.
Ёдда саққланг!
Агар тухумда ёриқ пайдо бўлса, уни тузли сувда пиширишни маслаҳат берамиз.
Сувда пишган тухумнинг етилганини аниқлаш учун уни айлантириб кўриш кифоя. Яхши айланган тухум пишиб етилган бўлади.
Тухумни чақмай туриб, унинг янги ёки эскилигини аниқлаш мушкул. Фақатгина уни бир стакан совуқ сувга солгач, аниқ тўхтамга келса бўлади. Сувга тухумни солинг, агар у чўкса, демак, янги, сув юзасига қалқиб қолса, эски.
Манба: beka.uz