«ТУШБИЗНЕС»
Ҳеч қачон хотиндан сир яширмасдим. Шу сафар яширдим. Мажбур бўлдим. Аммо зўрға икки ҳафта чидадим. Шу вақт оралиғида нақ ёрилиб кетаёздим. Нуқул «айтсамми, айтмасамми?», деган хаёл миямни кемираверди. Охири айтишга қарор қилдим. Улфатинисамни ёнимга ўтқаздим-да, мақсадга кўчдим.
— Сенга бир гапни айтмасам бўлмайди, — дедим гўё гапни узоқдан бошлаган бўлиб. — Ишонсангам, ишонмасангам ўзинг биласан. Локигин эшитиб қўйишинг шарт.
— Қанақа гапакан? — елка қисиб менга боқди Улфатинисам. — Қизиқми?
— Ишонасанми, мен икки ҳафтадан бери бир хил туш кўряпман?!.
— Хўш, қанақа туш?
— Икки ҳафта олдин тушимда бошлиқнинг мошинасини миниб водийга бориб кепман. Эртасига олдига кириб, тушимни айтгандим, у кулиб: «Агар яхши ишласангиз, мошинамда ҳар куни катайса қилаверасиз… Тушингизда!», — деди. Хоҳ ишон, хоҳ ишонма, ўшандан бери ҳар куни тушимда бошлиқнинг мошинасини минаман. Буёғи Хоразм, уёғи Сурхон тарафларгача бориб келдим. Нима дейсан? Бу яхшиликкамикан-а?..
Улфатинисам дилгир-да! Бирпас ўйланиб турди-ю, тўсатдан сергак тортди.
— Тушларингиз ўнгидан келаркан, — деди хотиним кўрсаткич бармоғи билан осмонга ишора қилиб. — Тушингизни бизнесга айлантирса бўлади. Бойиб кетардик, бизам одамларга ўхшаб ҳар куни кечқурунлари шаҳар айланардик, ҳашаматли кафеларда овқатланардик, ҳалиги… Нимайди?.. Жокий деган қаҳвалардан дамлатиб ичардик.
— Жокиймас, Жокей, — дея Улфатинисамнинг хатосини тўғриладим. — Аммо қандай қилиб? Тушниям бизнесга айлантириб бўларканми?
— Албатта-да! — деди хотиним қўл силтаб. — Мана, масалан, қўшни маҳалладаги Ойнисани олайлик. Кеча Сурманисанинг «қизопқочди»сида ёрилиб қолди. Нимаймиш, бойвачча қўшниси Турдимурод янги «Жип» олибди. Ҳар куни сигнал чалиб, Ойнисанинг кўнглига ғулғула солаётганмиш. Ойниса: «Кимда ким ўша Турдимуроднинг янги мошинасини авария қилдириб берса, бир даста беш мингталикни қўлига тутқазардим» деди.
— Нима қипти? — дедим Улфатинисамнинг гапини кесиб. — Уларнинг тушимга нима алоқаси бор?
— Ўзингизам ўтакетган гўлсиз! — мени уришиб берди хотиним. — Сиз бугун бошлиғингизнинг мошинасини қўйиб турасиз. Ўша Турдимуроднинг «Жип»ини тушингизда кўрасиз. Шундай қилингки, мошинаси авария бўлсин. Лекин қон тўкилмасин! Бизнинг авлодда ҳали ҳеч кимнинг қўли қонга бўялмаган.
— Унда биронта дарахтга бориб урвола қолсин-а мошинасини? — дадилланиб хотинимга умидвор термилдим. — Шунда қон тўкилмасди. Мошинанинг олд қисми пачоқ бўларди холос.
— Ана энди ўзингизга келдингиз! — елкамга қоқди Улфатинсам. — Худди шундай бўлсин!..
Очиғи, Улфатинисамга қараб туриб бир фахрлансам, бир ачиндим. Шўрлик, мен билан шунча яшаб рўшнолик кўрмади. Ҳашаматли кафеларни, Жокей қаҳвасини фақат орзулаб ўтди. Кел, гапи ерда қолмасин! Менинг хотиним ҳам бир яйраб яшасин! Бугун кечқурун тушимда Турдимуроднинг мошинасини албатта аварияга учратаман! Умуман, мендан нима кетди?!. Ота-буваларимиз бекорга «Така бўлсин, сут берсин», дейишмаган…
Ё Али!!! Уйқуга кетгунча фақат Турдимуроднинг мошинасини ўйлаб ётиб ростданам тушимда кўрибман. Нақ чинорга бориб урилибди мошина. Эрталаб соат тўққизларга яқин қарасам, Улфатинисам қўлида бир даста беш мингталик билан кириб келяпти. Меҳрим ийиб кетди. Хотинжонимни қучоқлаб олганча пиқ-пиқ йиғладим. Кейин эса иккаламиз етаклашганча шаҳар айланишга кетдик…
— Бизнесни ривожлантирмасак бўлмайди, — деб қолди уч кундан кейин хотиним. — Пул пулни чақириши керак. Фақат Ойнисанинг берганига қарасак, бир ҳафтадаёқ яна пулсиз қоламиз.
— Нима қилай? — сўрадим хотинимнинг икки билагидан олиб. — Айт, ёлғизим, айтавер! Мен тайёрман!
— Анави Дўлта дўкончидан кўпчилик норози, — деди Улфатинисам қовоқ уйиб. — Айниқса, Жўрахон дугонам ўзини қўярга жой тополмай юрибди. Дўкончи кўзини лўқ қилиб қайтим бермасмищ, тарозидан уриб қолармиш. Жўрахон: «Ким шу дўкончини инсофга чақирса, ҳақини тўлаб қўярдим», деяпти. Ҳойнаҳой каттароқ пул тўласа керак. Топиш-тутиши яхши-ку!
— Дўкончини мен қандай инсофга чақираман? — лаб тишлаб юзимни терс бурдим. — Бу ишни тушда қилиб бўларканми?
— Ухлашдан олдин дўкончини ўйлаб ётинг! Тушингизда дўкончини каттако-он девлар роса қувласин! Шундай қилсангиз, Дўлта аканинг пайтавасига қурт тушади. Кўнгли безовталаниб, инсофга кирганини ўзи сезмай қолади!
Ҳа, Улфатинисам барибир ҳушёр. Бир балони билмаса гапирмайди. Кеч киргач, то уйқуга кетгунча дўкончини ўйлайвердим. Хайрият, бу гал ҳам тушим уялтирмади. Тушимда дўкончини худди хотиним айтган каттакон девлар тозза қувлади. Кўрибсизки, бир ҳафта ўтиб, натижа кўринди. Дўлта дўкончи негадир ҳеч кимни чув туширмай қўйибди. Қайтимларни эгаларига қайтара бошлабди, тарозиси бошқа тарозилар билан бир хил ишлайдиган бўлибди. Жўрахон ҳам Улфатинисамни алдамади. Бир даста мингталик берди…
— Йўқ, бунақада сира бойий олмаймиз, — деб қолди хотиним бир куни. — Топганимиз ейиш-ичишдан ортмаяпти. Бой деганнинг пули емишдан ортиб даста-дасталигича сандиқда туриши керак.
Очиғи, хотинимнинг бу гапидан сал жаҳлим чиқди. Ахир, ишни мен қилсам-у, бу товуқмия хотин шукр қилмаса!..
— Нима қилай тағин? — жеркиш аралаш унга ўдағайладим. — Нима қилсам, каминг тўлади?
— Бойиб кетишимизни хоҳлайман, — деди бўш келмай хотиним. — Фақат бойиш, тамом!
— Мендан нима истайсан?
— Тушни уч юз олтмиш даражага ўзгартирасиз.
— Қанақасига? Нима қилай?
— Тушингизда ҳожатхонага тушиб кетасиз. Майли, томоққача, э кўмилиб қолсангизам розиман. Энам раҳматли шундай деган. Одам тушида ҳожатхонага тушиб кетса, катта пул келаркан.
— Қ-қаердан?
Улфатинисам бу гал ҳам кўрсаткич бармоғи билан кўкка ишора қилди.
— Уёқдан!..
Биродар, мана орадан бир ой ўтди. Ўзимдан ўтганини ўзим биляпман. Ҳар куни тушимда ҳожатхонага тушиб кетаман. Бадбўй ҳид димоғимгача ўрнашиб қолганми, нафас олсам ҳам ўқчиб юборадиган бўлиб қолдим. Катта бойликдан эса дарак йўқ. Туш ўзгармаяпти. Дардимни кимга айтишни билмайман…
Эҳ, кошки бугун бир марта бўлсаям бошлиғимнинг мошинаси тушимга кирсайди, бадбўй ҳидли тушданам, кейинги вақтларда бойликнинг кетига тушган Улфатинисамданам кечиб узоқ-узоқларга кетиб қолардим.
Олимжон ҲАЙИТ
Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!
t.me/olimjonhayit