АҚШ олимлари идиш ювиш умрни узайтиришини исботлашди?

Қўлда идиш, кир ювиш, умуман уй ишлари умрни узайтирар экан, дея хабар берди Буюк Британиянинг “Dailymail” нашри АҚШнинг гериатрик жамияти журналидаги мақолага асосланиб.

Ўтказилган илмий тадқиқотда 65 ёшдан 99 ёшгача бўлган 6 мингта аёл иштирок этди. Улар кун давомида кичик уй ишлари билан мунтазам шуғулландилар.

“Нимадир билан машғул бўлиш — мутлақо ҳеч нима билан шуғулланмасликдан яхши”, дейди тадқиқотнинг етакчи муаллифи бўлмиш профессор Майкл Ламонте.

“…Анча вақтгача уй ишлари соғлом бўлиш учун етарли эмас, деб ҳисобланар эди. Энди қўлимизда енгил уй ишлари ҳам умрни узайтиришига тасдиқланган далил бор”, деди тадқиқот натижаларига кўра Калифорния университети профессори Андрэа Лакруа.

Уч йил давомида олиб борилган кузатувлар бўйича аниқландики, фаол ҳаёт тарзини олиб борувчи аёлларда ўлим ҳолатлари камҳаракат ҳаёт тарзида яшаган аёлларга қараганда 12 % га кам бўлар экан. Кузатувдаги аёллар кунига кунига атиги 30 дақиқа уй ишлари билан шуғулланганлар.

Кунига бир соат уй ишлари билан шуғулланган аёлларда бевақт ўлим эҳтимоли 39 % га камайган деб ёзади Qalampir.uz.

Шу ўринда савол туғилади… Тадқиқотларда иштирок этган 6 мингта нозик жинс вакилалари ичида ўзбек аёллари ҳам иштирок этганми? Албатта, йўқ…

Улар ақшлик олимларнинг “бекорчи” тадқиқотларида иштирок этишмагани рост. Негаки, “уй бекаси” деган шарафли номга эга бўлган ўзбекистонлик аёллар борки, уй юмушлари билан “доимий равишда” банд!

Тўғри, уйида “оқсоч сақлайдиган” оилалар ҳам мавжуд, бироқ ўша бекалар ҳам доимий ҳаракатда бўлишади (меҳнат фаолияти ёки ўзининг бошқа иш-юмушлари билан банд).

Шунинг учун ҳам аёлларимиз гўзал ва хушбичим, десак янглишмаймиз. Энди эса, агар тадқиқот натижалари тўғри бўлса, уларнинг умри узун эканлигига яна бир бор аминмиз…

Manba